Biz haqimizda «Ma’rifat» gazetasida maqola

Shuhratbek.uz saytining muvaffaqiyatlari «Ma’rifat» gazetasining 2017-yil 19-iyul sanasidagi sonida «Ta’limiy veb-saytlar» sarlavhasi ostida maqola chop etildi. Shuhratbek.uz sayti «Xalq ta’limi tizimidagi eng yaxshi veb-saytlar – 2017” ko‘rik-tanlovining «Eng yaxshi o’qituvchi veb – sayti» nominatsiyasi bo’yicha 1 – o’rinni egalladi.

 

Биз ҳақимизда marifat.uz сайтида

Таълимий веб-сайтлар

Умумий ўрта таълим 19 / 07 / 2017
Таълимий веб-сайтлар

Фан ва техника тараққий этган замонда ўқитувчи зиммасидаги талаб бир қадар ортган. Энди дарслик, доска ва конспект билангина чекланган ўқитувчи қизиқарли дарс ўта олмайди. Бундай шароитда қўшимча имкониятлардан фойдаланиш, фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш зарур. Хусусан, педагогнинг шахсий веб-сайт яратиши унинг тажриба алмашиши, дарс жараёнида синаб кўрган самарали методни бошқа ҳамкасблари билан ўртоқлашиши ёки бирор янгиликни тезлик билан оммалаштиришига ёрдам беради. Ота-она ўзига керакли таълим муассасаси ҳақида маълумотга эҳтиёж сезса, бунда таълим муассасаси веб-сайти яқин кўмакчига айланади.

Шу боис халқ таълими тизимидаги бошқарув органлари, таълим муассасалари ва ўқитувчиларнинг веб-сайтини яратиш орқали педагогларнинг ижодий фаоллигини ошириш мақсадида ҳар йили “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт” кўрик-танлови “Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти”, “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти”, “Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти” номинациялари бўйича ўтказиб келинмоқда.

Таълим-тарбия жараёнига АКТни жорий этиш, муассасаларнинг веб-сайтлари орқали фуқароларга интерактив хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, бу борада юксак малакага эга бўлган педагог-мутахассислар ишини муносиб баҳолаш ва рағбатлантиришда ушбу танловнинг ҳиссаси катта.

Кўрик-танловни янада такомиллаштириш мақсадида Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан махсус дастур яратилди. Хоҳловчилар www.tanlov.uzedu.uz сайти орқали “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт” кўрик-танловида қатнашиш учун онлайн шаклда ариза бериши, уларни таҳлил қилиши, жойлардан туриб баҳолаши ҳамда кузатиб бориши мумкин. Ўтган вақт мобайнидаги натижаларни таҳлил қилсак, танлов нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганини кўрамиз. 2014 йили танловга 1155 нафар ўқитувчидан талабнома келиб тушган бўлса, 2015 йили бу кўрсаткич 2078 тага етган. Жорий йилда қатнашувчилар сони 3893 нафарни ташкил этди. Шу билан бирга веб-сайтларнинг сифати ва мазмуни ҳам сезиларли даражада ўсди.

— Веб-сайтлар дизайни, мазмунан бойлиги ва долзарблиги, педагогик аҳамияти, интерактивлик ва қайта алоқа, бажарилиш сифати каби мезонлар асосида 100 баллик тизимда баҳоланди, — дейди Халқ таълим вазирлигининг таълим-тарбия жараёнига АКТни жорий этиш бўлими етакчи назоратчиси Абдуҳамид Абдуқодиров. — Кўрик-танлов доирасида жорий йилда ҳам кўплаб мазмунан бой, педагогик аҳамиятга молик веб-сайтлар иштирок этди. Улар дастлаб ҳудудий халқ таълими бошқаруви органида тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Иккинчи босқичда экспертлар гуруҳи томонидан ҳар бир номинация бўйича 10 нафардан номзод иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг муносиб деб топилган веб-сайтлар ғолиб сифатида эътироф этилди.

“Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” номинацияси бўйича Дўстлик туманидаги 10-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Шуҳрат Нурғозиевнинг shuhratbek.uz сайти ҳам ғолиблар қаторида эътироф этилди. Сайтдаги маълумотлар, янгиликлар диққатни тортади. Хусусан, онлайн тестлар (ўқувчиларнинг фан олимпиадаси ва билимлар беллашувига тайёрланиши учун), психологик тестлар (ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар учун), тақдимотлар (турли педагогик мавзуларда олиб борилган ишлар тақдимоти), ота-оналарга (фарзанд тарбиясида эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар юзасидан тавсиялар), дарс ишланмалари (ўқитувчилар учун), қизиқарли (дарс босқичларининг ташкилий қисми учун қизиқарли маълумотлар) каби бўлимларнинг ҳар биридан сайт фойдаланувчиси зарур маълумотларни топади. “Ўқувчилар учун ёзги таътил топшириқлари” қисмида қизиқарли топшириқлар бериб борилади. Жавоблар қатнашувчи ўқувчилар томонидан электрон манзилга жўнатилади. Шу орқали ўқитувчи ўқувчилар ўртасида онлайн танлов олиб боради. Ўзбекистон тарихи, жаҳон тарихи, давлат ва ҳуқуқ асослари фанлари юзасидан берилган топшириқлар, кроссвордлар қизиқарлилиги, ранг-баранглиги билан ўқувчилар диққатини жалб қиляпти. Сайтнинг тарихий обидаларга виртуал саёҳат қисми ҳам кўпчиликка манзур бўлмоқда.

— 5 йиллик меҳнатларим ўз самарасини берди, — дейди сайт муаллифи Шуҳрат Нурғозиев. — Танловда бир неча йилдан буён қатнашар эдим, лекин ғолиблик насиб қилмасди. Хатолар устида ишлаб, веб-сайтимни янада такомиллаштирдим. Ўтган йиллардаги иштирокимда тажриба тўплаб, малака оширдим. Кўриб турганингиздек, натижа ёмон бўлмади.

Зилола МАДАТОВА,

“Ma’rifat” мухбири

 

O'xshash maqolalar

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan